Маърифатга таянган тараққиёт

Маърифатга таянган тараққиёт

 

rparapraprorplroldroldozdloldzldzeldzeopaovprovprtvsspngsengykenyvap.jpg

 

Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Ўтган йилларга назар ташлар эканмиз, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки халқимизнинг асрий қадриятлари, буюк аждодлар мероси ва маънавий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.

Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан кўп ўтмай бу эзгу ғоя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.

Бу шунчаки янги таълим муассасасининг очилиши эмас, балки Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни камолга етказган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик анъаналарини замонавий асосда давом эттириш йўлидаги тарихий қадам бўлди.

Ҳадис илми мактаби олдига Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур ўрганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қўйилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бўлган эзгулик, ҳалоллик, адолат, бағрикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуғлаш сингари умуминсоний ғояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга тўғри ва илмий асосда етказиш таълим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди.

Бугун Ҳадис илми мактабида таълим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машғулотлар билан ҳам узвий боғланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, яъни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят йўллари ва санадларини ўрганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига кўра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни таҳқиқ қилиш бўйича амалий кўникмаларни эгалламоқдалар.