Марғилонда “Санъаткорлар хиёбони”
Марғилонда “Санъаткорлар хиёбони”

Хотира ва қадрлаш куни арафасида Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғида “Санъаткорлар хиёбони” очилди. Тадбирда Марғилон азал-азалдан буюк санъаткорлар етказиб берган замин бўлгани, марғилонликлар ўзбек санъати ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидланди.
Бу жойда Марғилонда туғилиб ўсган ҳақиқий санъат дарғаларининг бюстлари жой олган. Ўзбек созандалигини, аниқроғи доира зарбини дунё миқёсида тарғиб қилиб, Буюк Британия қироличаси эътирофига сазовор бўлган Уста Олим Комил ёдгорлиги зиёрат қилинди. Унинг ёнида атоқли қизиқчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Юсуфжон қизиқ Шакаржоновга ёдгорлик ўрнатилган.
Жўровоз хонандалар Маъмуржон Узоқов ва Жўрахон Султоновлар ёнма-ён куйлаётгандек... Муҳиддинқори Ёқубов, саҳна қироличаси деб ном олган Лутфихоним Саримсоқова, дунё саҳналарини забт этган Тамарахоним, Ўзбекистонга “Баҳор”ни ҳадя этган Мукаррама Турғунбоева, соҳир овоз соҳиби Ҳалима Носировага қўйилган бюстлар қалбларда фахр ва сурур ўйғотади. Ҳар бир санъаткор ёдгорлиги олдида унинг ижодидан шогирдлари парчалар ижро этдилар.
Шу ерда Эркин Воҳидов номли ижод мактабига вилоят ҳокимининг совғаси – автобус топширилди.
Марғилонликлар “Ижодкорлар боғи”ни таъмирлаб, замонавий лойиҳада қайта қуриб берилгани ва улуғ санъаткорлар хотираси қадрланиб, янги хиёбон очиб берилгани учун Ўзбекистон Президентига миннатдорчилик билдирдилар.