Мақсад - туркий дунё буюк маданиятини сақлаб қолиш

 

Мақсад - туркий дунё буюк маданиятини сақлаб қолиш

 ypryvapr.jpg

 

Бухорода Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган Туркий тилли давлатлар ёш ижодкорларининг анжумани бўлиб ўтмоқда. 

Тадбирда  туркий дунё буюк маданиятини сақлаб қолиш, уни келгуси авлодларимизга етказиш, туркий тилли давлатларда ижод қилаётган ёш ижодкорларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсади кўзланган. Унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Озарбайжон ҳамда мамлакатимиз ёш ижодкорлари иштирок этмоқда.

Икки кун давом этадиган анжуман доирасида “Туркий тилли давлатлар ёш ижодкорларининг дунё маданиятидаги ўрни” мавзусида конференция, ижодий учрашувлар ташкил этилади. Анжуман иштирокчилари учун тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштирилади.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Туркий тилли давлатлар билан маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, Алишер Навоий номидаги мукофот таъсис этилди. 2020–2021 йилларда Хива шаҳри Туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинди. 2022 йил Бухоро шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форумида Бухоро шаҳри “Биринчи туркий дунё ёшлари пойтахти” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан “Туркий дунё ёшлари боғи” ҳамда “Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти” монументи очилди.