Махтумқули Фироғий – ўзбек ва туркман халқларининг умумий мероси
Махтумқули Фироғий – ўзбек ва туркман халқларининг умумий мероси

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Махтумқули Фироғий – ўзбек ва туркман халқларининг умумий мероси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Туркман маданият маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуманда қардош халқнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Туркманистон Миллий комиссияси масъул котиби, Туркманистон Қаҳрамони Чинор Рустемова раҳбарлигидаги делегация қатнашди.
Анжуман иштирокчилари дастлаб Тошкент шаҳридаги Махтумқули Фироғий ва Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов, ЮНЕСКО ишлари бўйича Туркманистон Миллий комиссияси масъул котиби, Туркманистон Қаҳрамони Чинор Рустемова, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, атоқли адабиётшунос олим Баҳодир Каримов ва бошқалар Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланиши икки қардош халқнинг адабиёти, санъати ва маданиятидаги уйғунликдан дарак беришини таъкидлади.