Маданий мерос объектларини таъмирлашда инвесторлар билан ҳамкорлик

Маданий мерос объектларини таъмирлашда инвесторлар билан ҳамкорлик

vykervykeoykevoyukpukyp.jpg

            Асрлар мобайнида содир бўлаётган иссиқ ва совуқ иқлим шароити, сурункали ёғингарчиликлар, ер ости сувлари кўтарилиши оқибатида маданий мерос объектларининг емирилиши, пойдевор, том ва девор қисмларига зарар етиши ҳолатлари кузатилмоқда. Ўз навбатида тарихий ва моддий аҳамиятга эга бўлган бу каби маданий мерос объектларининг умумбашарий қийматини сақлаш, емирилиш ҳолатлари олдини олиш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш учун ҳар йили катта миқдордаги молиявий ресурслар талаб этилади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурлиги белгилаб қўйилган. Демак, ҳар биримиз бебаҳо тарихий ёдгорликларимиз ҳисобланган маданий мерос объектларини асраб авайлаш, бутлигини сақлаш ҳамда келажак авлодга етказиш учун бирдек масъулмиз.

Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда маданий мерос объектларини сақлаш, тиклаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича белгиланган талаблар асосида лойиҳаларни амалга ошириш ишларида иштирок этиш истагида бўлган маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида 16 та маданий мерос объектлари паспортларини тайёрлади. Уларнинг жойлашуви, тарихи ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш бўйича қулайликлари ҳақидаги маълумотлари тайёрланиб, ОАВ ва интернет тармоқларига жойлаштирилди.

Айни пайтгача вилоятда маданий мерос объектларини бутлигини сақлаш, уларни яхшилаш, реставрация қилиш ҳамда сайёҳлар учун жозибадор объектга айлантириш бўйича маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан 16 та лойиҳа тақдим этилди. Мазкур лойиҳалар асосида йўналтириладиган инвестиция қиймати 65,6 миллиард сўмни (ташаббускорлар ҳисобидан 43,7 млрд.сўм, кредит ҳисобидан 21,9 млрд.сўм), ташкил этиб, жами 295 та янги иш ўрни очилиши кўзда тутилган.

Жумладан, “Ғозиён”, “Туркман”, “Ҳотам Ҳинду”, “Домулло Турсунжон”, “Ҳўжа Қурбон”, “Раҳмонқул” мадрасалари, “Карвон боши”, “Баройи Кўҳна”, “Рашид” карвонсаройлари, “Мағоки Кўрпа”, “Мирзо Усмон”, “Дўстим Чорғоси”, “Бозори Гул”, “Мир Иброҳим” масжидлари, “Мавлоно Шариф” мажмуаси ва XIX-XX асрларда қурилган собиқ болалар боғчаси биноларини реставрация қилиш ва улар негизида гиламчилик, кулолчилик, зардўзлик, заргарлик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик каби ҳунарманчилик марказлари, миллий услубдаги меҳмонхоналар ва чойхона ташкил этиш бўйича дастлабки лойиҳалар тайёрланиб, Маданий мерос департаменти ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашига тақдим этилган.