Қорақалпоқ халқининг ватанпарвар шоири
Қорақалпоқ халқининг ватанпарвар шоири

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Aжиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги, ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, тасвирий санъат асарлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси очилди.
Шу йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Aтоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Aжиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бу республикамиз маданий ва адабий ҳаётида катта воқелик бўлди. Чуқур билим, юксак маданият соҳиби, нозик ҳис-туйғу эгаси бўлган Aжиниёз Қўсибой ўғли Шарқ шеърияти анъаналарини ўрганиш асосида қорақалпоқ шеъриятини бадиий-эстетик жиҳатдан бойитган, мисраларга ранг-баранг бадиий шакл бағишлаган, қорақалпоқ ёзма адабиётини янги босқичга кўтарган серқирра истеъдод эгасидир. Унинг асарлари ХIХ аср қорақалпоқ шеъриятининг гултожи ҳисобланади.