Қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш ва рақамлаштириш
Қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш ва рақамлаштириш
Президент Шавкат Мирзиёев 31 июль куни қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш ва рақамлаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди. Видеоселектор йиғилишида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш учун ердан унумли фойдаланиш, самарадорликни ошириш йўллари муҳокама этилди.
Маълумки 2024 йил 14 октябрдаги Президент фармонига мувофиқ, иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологиялар жорий этилмоқда. Икки йил мобайнида соҳада фойдаланилаётган 4 миллион гектардан зиёд ерлар космик мониторинг қилинди. Аниқланишича, ҳисоботларда кўрсатилган айрим майдонларда пахта экилмаган, баъзан эса захирадаги ёки эгаси номаълум ерларга экилган.
Шу боис давлат томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилишини масофавий мониторинг қиладиган тизим йўлга қўйилиши белгиланди.
Иқлим ўзгариши ва сув тақчиллигидан келиб чиқиб, юртимизда кам сув талаб қиладиган янги навлар ва агротехнологияга ўтилмоқда. Лекин экинларни суғоришда сув сарфи меъёри ҳозирги ҳақиқатдаги талабга жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилди. Гидромодул районлаштириш ёндашуви ҳам эскирган. Оқибатда каналлар охирида жойлашган 3 мингдан зиёд фермерга сув етиб бормаяпти.
Космик тадқиқотларда қурилиш, кадастр, норуда конлари, ўрмон ва яйлов ерлари бўйича ҳам таҳлиллар борлиги таъкидланиб, вазирлар ва ҳокимларга уларни ўрганиб, режалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.