Кенгайтирилган илмий кенгаш
Кенгайтирилган илмий кенгаш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 январь куни Ислом цивилизацияси маркази биносига ташрифи давомида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда марказнинг такомиллаштирилган экспозициялари вa янгиланган Илмий концепция, илмий-инновацион лойиҳаларининг ижросини таъминлаш масалалари хусусида сўз юритилди.
— Президентимизнинг Ислом цивилизацияси марказига амалга оширган бу ташрифлари биз учун муҳим тарихий воқеа бўлди, — деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов, — Бугунги учрашувдан мақсад мазкур ташриф асносида билдирилган таклиф вa тавсиялар юзасидан аниқ мақсадлар белгилаш, олдимизга кўйилган масъулиятли вазифалар ижросига киришишдан иборат. Маълумки, айни пайтга қадар Марказ томонидан Ўзбекистон олимлари миллий форуми, “Буюк аждодлар мероси – Янги Ренессанс асоси” халқаро конгресси, “Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва цивилизациялар” Халқаро маданий мерос ҳафталиги ўтказилган эди.
Мазкур йирик тадбирларда билдирилган таклифлар асосида ҳозирга қадар 800 дан ортиқ илмий вa инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида мазкур лойиҳалар асосида шакллантирилган экспозициялар билан танишди, бир қатор таклифлар билдирилди.
Кенгайтирилган илмий кенгашда Марказ қошида хаттотлик мактабини ташкил қилиш, ушбу таълим муассасаси иш фаолиятини белгилаш, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг икки қаватли маъмурий биноси каби лойиҳалар муҳокама қилинди.