“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури

20240924114302.jpeg

     Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган   йиғилишда кун тартибидаги асосий масалаларга ўтишдан олдин давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш масалаларига тўхталди.

     Президент куни кеча имзолаган 2 та муҳим ҳужжатга мувофиқ, шу йилнинг ўзида 500 минг, келгуси йилда яна 1 миллион одамни камбағалликдан чиқаришга қаратилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури бошланмоқда.

     Бу йўналиш мамлакатимизда 2020 йилда бошланган эди. Ўшанда 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмасди. Ўтган йилларда 3,5 миллион одамни даромадли қилиш орқали 2023 йил якуни билан камбағаллик даражаси 11 фоизга тушди.

     Аввало, ижтимоий ҳимоя қамрови 4,5 карра кенгайтирилиб, ўтган йили 12,3 триллион сўм йўналтирилди.  Пенсия ва нафақалар миқдори ҳам 1,5 баравар кўпайтирилди.

     Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия берилди. Маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув ва электр инфратузилмаси учун 120 триллион сўм ажратилди. Шунингдек, 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун тарқатилди.

     Яна бир мисол – 2020 йилдан буён 3 миллиондан 5 миллион сўмгача ойлик оладиган ишчилар 2 баробар, 5 миллиондан 7 миллион сўмгача олувчилар эса 3 баробар ошди. Буларнинг натижасида камбағаллик даражаси йилига ўртача 3 фоизга камайиб бораяпти.