Йирик автозавод қурилишига тамал тоши қўйилди
Йирик автозавод қурилишига тамал тоши қўйилди
2025 йил 25 июль — Сирдарё вилояти тарихида муҳим сана сифатида қайд этилди. Ушбу кун Сирдарё туманида “Asaka Motors International” компанияси томонидан йирик ва замонавий автозавод қурилишига тантанали равишда тамал тоши қўйилди.
Мазкур завод 100 гектар майдонда жойлашади ва йилига 150 мингтагача замонавий автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Унда Hyundai, Opel, Wulling ва Shineray брендлари асосида автоуловлар тайёрланади. Шунингдек, заводда пайвандлаш, бўяш ва йиғиш каби тўлиқ технологик жараёнлар жорий этилиши, шунингдек, 3000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — дастлабки уч йилда асосий бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш режаси амалга оширилади. Бу эса ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, иқтисодий мустақиллик ва маҳаллий саноат тармоқларини қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлади.
Автосаноатнинг ушбу янги йўналиши Сирдарёнинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда минтақавий иқтисодий ўсишга кучли туртки беришга хизмат қилади.