Ислом цивилизацияси марказининг янги рамзи

Ислом цивилизацияси марказининг янги рамзи

 

gdergsdghsdfgsgfa.jpg

 

       Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўз тарихида муҳим босқични бошдан кечирмоқда — у ўзининг янги визуал айдентикаси ва логотипи билан жамоатчилик олдига чиқди. Бу фақат дизайн янгиланиши эмас, балки маънавий янгиланиш, миллий қадрият ва замонавий тафаккур уйғунлигининг рамзидир.

       Янги логотипда миллий анъаналар, ислом тамаддунининг маънавий мероси ва замонавий дизайн талаблари мукаммал уйғунлик касб этган. У Ўзбекистоннинг илмий, маданий ва маърифий юзини глобал даражада намоён этади.

      Логотипдаги маъно: уч Ренессанс ва очиқ китоб тимсоли нимани англатади?

      Марказнинг янги рамзидаги гумбаз шакли — буюклик, барқарорлик ва маънавий поғона рамзи. Унинг устки қисмидаги уч чизиқ халқимиз тарихидаги учта буюк Ренессанс — Биринчи, Иккинчи ва Янги Ренессанс даврларини ифодалайди.

      Логотип марказидаги очиқ китоб — халқимиз донолиги, илмга садоқати ва маърифатга муҳаббатининг тимсоли. Шу китоб орқали Марказнинг асосий ғояси — илм ва маърифат орқали тараққиётга эришиш ғояси акс этган.

      Бошқа муҳим элемент — саккиз қиррали юлдуз, у Давлат гербида ҳам учрайди ва маънавий камолот, нур ва баркамоллик рамзидир. Бу тимсоллар бирлашиб, Марказнинг янги қиёфасини — миллий ва маърифий уйғунликни яратиб беради.

      Логотип айланасида ўзбек ва инглиз тилларида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази / The Center for Islamic Civilization in Uzbekistan” деган ёзув жойлашган. Бу Марказнинг халқаро миқёсдаги фаолияти — илмий ҳамкорлик, маданий мулоқот ва цивилизациялар ўртасидаги боғланишни ифода этади.

     Марказ янги юзи, янги рамзи – ребрендинг шунчаки визуал ўзгариш эмас, балки мамлакатда кечаётган маънавий янгиланиш жараёнларининг амалий ифодаси. Янги логотип орқали Марказ XXI аср маърифати, технология ва дизайн тилида халқимизнинг илмий ва маънавий меросини дунёга тақдим этмоқда.

     Бу янгиланиш Марказнинг янги босқичдаги миссиясини белгилайди — илмни, маданиятни ва маърифатни замонавий усулда кенг ёйиш, халқаро ҳамкорлик ва тадқиқотларни янада фаоллаштириш.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази