Ислом цивилизацияси марказида хорижлик ҳамкорлар билан онлайн учрашув ўтказилди
Ислом цивилизацияси марказида хорижлик ҳамкорлар билан онлайн учрашув ўтказилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Россиянинг “Sila sveta” компанияси раҳбари Александр Ус, компания вакиллари Наталья Никонова ҳамда Елена Герасимова билан онлайн мулоқот ўтказди.
Унда Марказ экспозицияларида ташкил этиладиган иммерсив шоулар, ахборот технологиялари ёрдамида ишлайдиган махсус воситалар ва марказ кириш фойесини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
“Ҳурматли Президентимиз ғоялари асосида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази чин маънода Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини тўла акс эттириши лозим. Бунинг учун сизнинг жамоангиз билан ҳамкорлик кутилган натижаларни беришига ишонамиз”, — деди Марказ директори.
Шунингдек, марказнинг кириш фойеси, исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Янги Ўзбекистон экспозицияларини бойитиш ва энг сўнгги ахборот технологиялари ютуқларидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати