Ислом цивилизацияси марказида 300 дан ортиқ олимлар иштирокида амалий семинар ўтказилди
Ислом цивилизацияси марказида 300 дан ортиқ олимлар иштирокида амалий семинар ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, қурилиш ишлари ҳамда илмий-инновацион лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ташриф давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар бошлаб юборилди.11 март куни Марказ Васийлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Васийлик Кенгаши томонидан 9 та йўналиш бўйича 40 дан ортиқ кичик ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланди. Илмий-ижодий ишчи гуруҳлар таркибига давлат ташкилотлари, республикамиз ва хориж таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертларни кенг жалб этишга келишиб олинди. Лойиҳаларни амалга оширишда сифатга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Кенгаш томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари" мавзусида республика амалий семинари ўтказилди. Семинар Марказнинг илмий-амалий ва маърифий йўналишдаги фаолиятини ривожлантириш, экспозицияни бойитиш ҳамда замонавий музей технологияларини татбиқ этиш масалаларига бағишланди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Миллий кутубхона, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Тошкент Ислом институти, Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси, музейлар, халқаро илмий тадқиқот марказлари, раҳбар-ходимлари, олимлар ҳамда мутахассислар иштирок этди.