Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Туркияда

Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Туркияда

20240918141637.jpeg

     Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси аъзолари халқаро маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш мақсадида Туркияда бўлиб турибди.

      Делегация аъзолари маданият ва музей муассасалари учун инновацион ечимларни ишлаб чиқиш бўйича ихтисослашган «Outdoors Factory» компанияси ҳамроҳлигида Истанбулдаги бир қатор замонавий музейларда бўлди. Хусусан  музейларда замонавий технологияларни жорий этишдаги энг яхши амалиётларни ва уларнинг маданий меросни сақлашга таъсирини ўрганишга аҳамият қаратилди. Бу, ўз навбатида, замонавий технологиялар ёрдамида маданий мерос ва қадриятларни кенг жамоатчилик, жумладан, ёш авлод учун қизиқарли тарзда тарғиб қилишда ҳам муҳим ҳисобланади.

     Шунингдек, делегация аъзолари Византия даврининг қадимий ерости иншоотларидан бири бўлган Шерефие ерости сардобаси (Şerefiye Sarnıcı) билан танишди. Бу иншоот император Феодосий II (401–450-й.) даврида Константинополда сув сақлаш учун қурилган. Ҳозирги кунда бу ерда сув таъминоти тарихи ҳақида визуал ҳикоя қилувчи 3D мэппинг технологияси асосидаги ўзига хос объект мавжуд. Улар ҳашаматли Айя София ибодатхонаси, Кўк масжид, Тўпқопи саройи, қадимги Эфес шаҳри ва Галикарнас мақбараси каби машҳур тарихий ёдгорликларнинг кичик моделларини намойиш қилувчи Очиқ осмон остидаги миниатюралар музейида ҳам бўлди.

     Делегация аъзолари «Deneyap Technology Atölyesi» интерактив музейи ва "Outdoors Factory" компанияси раҳбарияти билан муҳокамалар ўтказди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида интерактив дастурларни ривожлантириш ва ташриф буюрувчиларни кенгроқ жалб қилиш учун технологиялардан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

     Марказ делегацияси вакилларининг Истанбулга ташрифи доирасида ИРСИКАда медиа тадбир, шунингдек, қатор музейларга ташриф, меморандумлар имзолаш ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази концепциясини янги мазмун билан бойитишга кўмаклашадиган келишувларга эришиш ҳам  кўзда тутилган.