Индонезиядаги ислом институти билан меморандуми имзоланди
Индонезиядаги ислом институти билан меморандуми имзоланди

Тошкент ислом институти ва Индонезиянинг Кудус давлат ислом институти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандумни Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда IAIN Кудус ректори, профессор Абдурроҳман Касдий онлайн тарзда ташкил этилган маросимда имзоладилар.
Кудус давлат ислом институти ректори, профессор Х.Абдурроҳман Касдий бошчилигидаги делегация Тошкент ислом институтига 2023 йил ноябрь ойида ташриф буюрган эди. Музокараларда таълим муассасалари ўртасида меморандум имзолаш ҳам кўзда тутилган эди.
Ҳамкорлик ҳужжати профессор-ўқитувчилар ва талабаларни алмашиш, таълим дастурлари ишлаб чиқиш, таълим муассасаларида малака ошириш ва қўшимча ўқув машғулотларини ташкил қилиш, семинар ва конференциялар ўтказиш, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, китоб ва манбалардан умумий фойдаланиш ва нашр ишларида ҳамкорлик қилиш каби бандларни қамраб олган.
Кудус давлат ислом институти — Индонезиянинг Марказий Жава штатидаги Кудус шаҳридаги диний таълим муассасаси ҳисобланади. Кудус Индонезия Республикаси Президентининг 1997 йилдаги фармонига асосан ташкил этилган.
Кудусда бешта мутахассисликка эга, Усули дин, Тарбия, Шариъат, Ислом иқтисодиёти ҳамда Даъват факультетларида 15 мингга яқин талабаларга 300 дан ортиқ ўқитувчилар бакалавр ва магистратура босқичларида дарс беради.
Кудус давлат ислом институтида кўплаб илмий журналлар бўлиб, йилига 32 та турли йўналишларда анжуманлар ўтказилади, шулардан 20 таси халқаро конференциялардир. Кудус Жануби-шарқий Осиё давлатлари таълим муассасалари орасида илмий салоҳият бўйича 2-ўринда туради. Институтда грант дастурлари ҳам бўлиб, хорижлик талабаларнинг таълим ва яшаш ҳаражатлари муассаса томонидан қопланади.




