“Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни”
“Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни”

Шу йилнинг 17-18 октябрь кунлари Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.
Унда мамлакатимиз ва Туркия, Қатар, Покистон, Ҳиндистон, Қирғизистон каби дунёнинг кўплаб давлатидан машҳур исломшунос олимлар, уламолар, илм-фан намоёндалари, илмий тадқиқотчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 15 августда қабул қилинган “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган анжуманга вилоятда пухта тайёргарлик кўрилаётир. Буюк аждодимиз Имом Термизийнинг бебаҳо мероси – абадиятга дахлдор маънавий хазинадир.
Сурхондарёда ушбу нуфузли халқаро илмий-амалий анжуманни юқори савияда ўтказишга тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан олиб борилаётир. Шунингдек, Имом Термизий зиёратгоҳига олиб борувчи йўл инфратузилмаларини яхшилашга, ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида улуғ олим мангу қўним топган мажмуада Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий, ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ҳамда нашр нусхалари ҳамда китобларининг кўргазмасини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.