Имом Термизий
Имом Термизий

Буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони” деган юксак мақомга эришган имом Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо Суламий Термизий ҳижрий 209 (милодий 824) йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топган.
Имом Термизий 20 ёшда Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий каби олимлардан таълим олади. 25 ёшида Ироқнинг Басра шаҳрига, сўнг Ҳижозга бориб таълимини давом эттиради. У Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий, Али ибн Ҳужр Марвазий, Сувайд ибн Наср Марвазий, Қутайба ибн Саид Сақафий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилади. 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, Термизга ҳижрий 250 (мелодий 864) йилда қайтиб келади. Имом Бухорий билан ҳижрий 250 йили Нишопурда учрашиб, ҳадис ва унга тааллуқли илмларни ўрганиб, у зот қўлларида камол топади.
Имом Термизийнинг шогирдларидан бири Абу Аҳмад Ҳоким ўз устози ҳақида: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этганларидан кейин Хуросонда илм, ҳифз, зуҳд ва тақво бобида Абу Ийсо Термизийдек бирор киши топилмас эди» деган.
Имом Термизий ҳижрий 279 (мелодий 892) йили Термизда вафот этган. Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Имом Термизийнинг муаззам ёдгорлик мажмуаси барпо этилгани, Термиз шаҳрида ул зотнинг табаррук номи билан аталган халқаро илмий-тадқиқот маркази, ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда Ислом институти ташкил этилган.