Илмий кенгашнинг навбатдаги учрашуви
Илмий кенгашнинг навбатдаги учрашуви

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кенгайтирилган Илмий кенгашнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Кенгаш аъзолари, Ишчи гуруҳ раҳбарлари, олимлар ҳамда Марказ раҳбарияти ва ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитиш мақсадида 2025 йил 25 апрелдан 2 майга қадар Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрига қилган хизмат сафари давомида дунёдаги машҳур "Sotheby's" ва "Christie's" аукцион уйларидаги савдоларда иштирок этгани ҳақида ахборот берилди.
Хизмат сафари давомида делегация аъзолари иштирок этган “Сотбис” ва “Кристис” савдо уйлари аукционларида кимошди савдосида Ўзбекистон маданий меросига, хусусан, Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда хонликлар даврига тегишли нодир осори-атиқалар ҳам борлиги маълум қилинди.
Марказ делегацияси иштирок этган машҳур “Сотбис” ва “Кристис” аукционларида ўтказилган Ҳиндистон ва Ислом санъати намуналарига бағишланган савдоларда Бобурийлар даврига оид 2 та ханжар (биттаси қини билан), битта қилич (қини билан), битта қимматбаҳо ханжар дасталари мавжудлиги шулар жумласиданлиги таъкидланди.

Мазкур савдоларда Ўзбекистон маданий меросига бевосита алоқадор бўлган 60 га яқин лот сараланди. Улар орасида Исломнинг тарқалиш даврига оид 9 та нодир Қуръон фрагмент ва саҳифалари, 3 та Қуръон қўлёзмаси мавжуд.