Илм-фан ва келажак истиқболлари
Илм-фан ва келажак истиқболлари

Миллий маданият ва номоддий меросни асраш давлат сиёсатининг устувор йўналиши. Соҳа раҳбарларининг Маданиятшунослик институтига ташрифи келгуси ривожланиш истиқболларини белгилаб берди.
Миллатнинг маданияти унинг кўзгусидир. Шунинг учун ҳам бу муқаддас меросни асраш ва уни янада бойитиш муҳим вазифа саналади. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари маданият тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.
Ана шундай ташаббусларни амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили Ҳасан Салихов ҳамда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институтида бўлиб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишди. Институтнинг илмий-тадқиқот йўналишида амалга ошираётган ишлари, хусусан, маданиятшунослик йўналишидаги илмий изланишлар, номоддий маданий мерос намуналарини асраб-авайлаш, ўрганиш, тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказиш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда ҳудудий ва халқаро экспедицияларни ташкил этиш, уларнинг натижадорлигини ошириш, экспедициялар давомида аниқланган номоддий маданий мерос намуналарини илмий жиҳатдан ўрганиш ва ҳужжатлаштириш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.