II “Лазги” халқаро рақс фестивали
II “Лазги” халқаро рақс фестивали

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ Хива шаҳрида II “Лазги” халқаро рақс фестивали бўлиб ўтди.
Бу йилдаги фестивалда 33 та давлат, жумладан, Буюк Британия, Франция, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Беларусь, Россия, Туркия, Қирғизистон, Сербия, Бразилия, Корея Республикаси, Япония, Испания, Миср, Грузия, Ҳиндистон, Украина, Болгария, Қатар, Озарбайжон, АҚШ, Австрия каби давлатлардан 200 нафардан ортиқ истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалари, рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, экспертлар ва фахрий меҳмонлар иштирок этди.
Мамлакатимиз номидан иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан республика танлови ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, “Яккахон ижрочилар” йўналишида биринчи ўрин Оксана Давлетова (Хоразм вилояти)га, иккинчи ўрин Фотима Нарзуллаева (Тошкент шаҳри)га, учинчи ўрин эса Ислом Ҳайдаров (Тошкент шаҳри)га насиб этди. “Жамоавий ижрочилар” йўналишида Ўзбекистон давлат филармонияси “Лазги” ашула ва рақс ансамбли биринчи ўринни, Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти рақс ансамбли иккинчи ўринни, “Бухоро мавжлари” ансамбли эса учинчи ўринни эгаллади.

Фестивалда иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб бориш учун Франция, Миср, Бразилия, Корея Республикаси, Қозоғистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати таркиби шакллантирилди. ТУРКСОЙ, Тожикистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Япония, Бразилия, Франция, Миср Араб Республикаси вакиллари фестивалнинг фахрий меҳмонлари сифатида иштирок этди.
Фестивал доирасида хорижий ва маҳаллий рақс усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар ва фахрий меҳмонлар иштирокида “Хоразм лазги рақси: маданий дипломатияни ривожлантиришнинг илмий-назарий, маънавий-маърифий тамойиллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиб, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, концерт дастурлари ва кўргазмалар ташкил этилди.
“Гран-при” мукофоти 7 минг АҚШ долларини ташкил этди. 3 та, яъни “Энг яхши яккахон рақс ижрочиси”, “Энг яхши рақс жамоаси”, “Энг яхши саҳналаштирилган рақс” номинациялари бўйича биринчи, иккинча ва учунчи ўринлар учун тегишли равишда 5 минг, 3 минг, 2 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади.