ICCROM халқаро ташкилоти Ўзбекистон меросини дунёга олиб чиқишда ҳамкорликни кучайтиради

ICCROM халқаро ташкилоти Ўзбекистон меросини дунёга олиб чиқишда ҳамкорликни кучайтиради

Маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилот — ICCROM Бош директори Аруна Франческа Мария Гужрал Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, ташкил этилган экспозициялар бутун инсониятга ҳам ўз тарихий ва маданий илдизларига мансублик ҳиссини бера олишини таъкидлади.

Ўзбекистонга илк ташрифи доирасида Гужрал Марказ экспозициялари, қўлёзмалар, нодир артефактлар, тарихий манбалар ва буюк алломалар мероси билан танишди.

Унинг таъкидлашича, Марказнинг ўзига хос жиҳати маданий меросни фақат тарихий буюмлар тўплами сифатида эмас, балки инсонни ўз тарихи ва илдизлари билан боғлайдиган тирик қадрият сифатида намоён эта олишидадир.

Мен жуда катта таассурот олдим. Бу ерда ўзбек халқининг улкан салоҳиятини, тарихий ва маданий меросга қандай эътибор билан қарашини кўриш мумкин. Айниқса, Марказ менда кучли ўзлик ва мансублик туйғусини уйғотди. Менимча, у бутун инсониятга ҳам ўз тарихий ва маданий илдизларига мансублик ҳиссини бера олади. Зеро, маданият инсонларни бирлаштиради. Ўзбекистон Президентига шундай ажойиб масканни яратгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Менимча, Ислом цивилизацияси марказини ташкил этишда жуда катта ва узоқни кўзлаган мақсад қўйилган. Бу марказдан нафақат ўзбек халқи ёки минтақа аҳолиси, балки бутун инсоният баҳраманд бўлиши мумкин. ICCROM билан ҳамкорлик орқали Ислом цивилизацияси марказида жамланган билим ва тажрибаларни янада кенг тарғиб этишга ёрдам берамиз. Ўзбекистонда шаклланган улкан маданий мероснинг бутун дунё учун манфаатли бўлишига ҳисса қўшишни истаймиз, — деди ICCROM Бош директори.

Ташриф давомида ICCROM Бош директори Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашиб, маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ташриф якунида Аруна Франческа Мария Гужрал Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди.