ИБРОҲИМ СУЛТОН - АМИР ТЕМУРНИНГ ХАТТОТ НАБИРАСИ
ИБРОҲИМ СУЛТОН - АМИР ТЕМУРНИНГ ХАТТОТ НАБИРАСИ

Амир Темур авлодлари орасида буюк олимлар, шоирлар, етук давлат арбоблари кўп етишиб чиққан. Улар орасида моҳир хаттот ва рассом Иброҳим Султон номини алоҳида зикр этиш лозим.
Маълумотларга кўра, Иброҳим Султан Шоҳрух Мирзонинг иккинчи ўғли бўлиб, 1394 йил 28 августда ҳозирги Туркиянинг Қарс вилоятида туғилган. У акаси Мирзо Улуғбек билан бир йилда, фақат бошқа аёл, Тўти Хотундан дунёга келган.
Болаликда Иброҳимни Абул-Фатҳ, Муғийсиддин исмлари билан ҳам аташган. Милодий 1435 йил 9 май куни бобоси Соҳибқирон Амир Темур унга шахсан «Султон Иброҳим» унвонини берган.
Манбаларга кўра, соҳибқирон бошқа амирзодалар қатори Иброҳим Султоннинг тарбияси, илм олиши, адабиёт, санъат, ҳарб соҳаси, давлат ишларидан хабардор бўлиб вояга етиши учун барча шароитлар яратиб берган.
Шарафиддин Али Яздийнинг маълумотига кўра, 1404 йилнинг ёзида Амир Темур Самарқанд яқинидаги Конигил қишлоғида етти нафар набирасининг тўйини катта дабдаба билан ўтказади. Улар қаторида ўн ёшли Иброҳим Султон ҳам бор эди.
Иброҳим 1407-1409 йилларда Ҳиротда отасининг ноиби бўлиб хизмат қилади, шундан сўнг Балх вилоятига ҳоким қилиб жўнатилади. 1414 йилда Форс вилоятини бошқариб келган - Искандар султон Шерозда исён кўтаради (Шероз Форс вилоятининг маркази эди). Шоҳрух бу исённи муваффақиятли бостиради. Форс вилояти Искандар Султондан тортиб олингач, Шоҳруҳ Мирзо унинг ўрнига дастлаб яқин мулозимларидан бири - Амир Мизроб Баҳодирни тайинламоқчи бўлади. Бироқ, унинг кутилмаган вафотидан кейин, Шоҳрух Мирзо 21 ёшли ўғли Иброҳим Султонни Форс вилоятига ҳокими этиб тайинлаб, пойтахт Ҳиротга қайтади.
Иброҳим Султон ҳокимлигининг дастлабки йилларида Форснинг собиқ ҳокими Искандар Султон ёрдамида яна бир темурий шаҳзода Бойқаро Мирзо Шерозга ҳужум қилади. Иброҳим Султон қўшинлари мағлубиятга учрайди ва Шерозни қўлдан бой беради. Беш ойдан сўнг, 1415 йилнинг ноябрь ойида Шоҳруҳ Мирзонинг кўмагида Шероз қайта қўлга киритилади.
Форс вилоятидаги ҳукмронлиги тикланганидан кейин Иброҳим Султон мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигига янада кўпроқ эътибор қаратган. Ҳарбий юришларда ҳам фаол иширок эта бошлаган. Масалан, 823/1420 йилда отаси Шоҳрух Мирзо билан Озарбойжон юришида фаол иштирок этган.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, Шоҳрух Мирзо саройида олим ва фозилларни сақлаган, таълим ва тарбиясига эътибор берган. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳам уларни ўзи билан бирга олиб юрган.
Амир Темур ва Шоҳрух сингари Иброҳим Султон ҳам адабиёт, санъат, мусиқани яхши билган ва бу соҳа вакилларининг иқтидорини қадрлаб, тарбиясига алоҳда эътибор қартган. Ака-ука Мирзо Улуғбек, Иброҳим Султон ва Бойсунғур Мирзоларнинг адабиёт ва санъат асарлари юзасидан ёзишмалари ҳам бизгача етиб келган. Рассом ва хаттот сифатида ҳам ном қозонган. Иброҳим Султон ўз даврида Шарафиддин Али Яздийга алоҳида ғамхўрлик кўрсатган.
Иброҳим Султон китобларга ниҳоятда қизиққан. Шерозда бир қатор мадрасалар бунёд этган. Мазкур мадрасалардаги битикларда ҳам унинг номини ўқиш мумкин.
Иброҳим Султон 21 йил давомида, 1414 йилдан 1435 йилгача, яъни умрининг сўнгига қадар Форс вилояти ҳокими бўлиб қолади. У 1435 йил 3 апрелда Шероз шаҳрида 41 ёшида, отасидан 12 йил аввал вафот этади.
Маълумотларга кўра, Иброҳим Султон Қуръони каримни ўз қўли билан беш нусхада кўчирган. Мазкур қўлёзмалар айни пайтда дунёнинг турли музейлари ва кутубхоналарида сақланоқда.
Мазкур қўлёзмаларнинг бири 1937 йилга қадар Шерознинг Қуръон дарвозаси тепасида, махсус хонада сақланган. Шерозга келадиган меҳмонларнинг ҳар бири аввал ушбу мусҳафни тавоф қилиб, кейин шаҳарга кирган. 1937 йилда ушбу қўлёзма Қуръон дарвозасидан Шероз шаҳридаги Форс музейига олиб келинган ва айни пайтга қадар шу ерда сақланади.