Ибн Сино мероси дунё олимларини Бухорода жамлади
Ибн Сино мероси дунё олимларини Бухорода жамлади
14–16 август кунлари қадимий Бухоро шаҳрида «Абу Али ибн Сино: замонавий тиббиёт ва халқ табобати – инновациялар ва инвестициялар» мавзусида XIV Халқаро Ибн Сино ўқишлари илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Фанлар академияси ҳамда Ибн Сино жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари, 10 дан ортиқ давлатлардан тиббиёт олимлари, тадқиқотчилар ва шарқшунослар иштирок этди. Айрим маърузалар онлайн тарзда ҳам тақдим қилинди.
Анжуман доирасида буюк аллома Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган Афшона қишлоғига ташриф буюрилди. Иштирокчилар аллома ҳайкали пойига гул қўйишди. Анжуман дастуридан тиббиёт ва фармакологиянинг долзарб масалалари билан бир қаторда, Ибн Синонинг бой фалсафий ва адабий меросини ўрганишга бағишланган маърузалар ҳам ўрин олди.
Анжуманда Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Хусрав Ҳамидов«Ҳай ибн Яқзон» қиссасининг мазмун-мундарижаси, таржима ва шарҳлари ҳақида маъруза қилди. Унда асарнинг инсон камолоти, нафс тарбияси, руҳий-маънавий уйғоқлик ва борлиқни англаш борасидаги фалсафий аҳамияти илмий жиҳатдан ёритиб берилди.
Таъкидланганидек, «Ҳай ибн Яқзон» инсонни билим ва маърифатга интилиш, ўзликни англаш ҳамда маънавий юксалишга даъват этувчи ноёб манба бўлиб, асарнинг 10 дан ортиқ тилдаги таржималари мавжуд. Қисса Шарқ адабиётидаги рамзий-фалсафий асарлар ривожига ҳам муҳим таъсир кўрсатган. Муаллифнинг “Ҳай ибн Яқзон” ва бошқа қиссалари унинг адабий маҳоратини кўрсатади, ўқувчини фалсафий-тасаввуфий ғоялари билан таништиради. Ибн Синонинг ушбу асари илк марта Абу Убайд Жузжоний томонидан таржима ва шарҳланган. Жузжоний шарҳи Ибн Синонинг фалсафий-тасаввуфий ғояларини тушунишга ёрдам беради.
Тадбир доирасида Ибн Сино жамоат фондига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган «Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон» китоб-альбоми Марказ раҳбарияти номидан тақдим этилди.
Умуман олганда, XIV Халқаро Ибн Сино ўқишлари буюк аждодимизнинг кўп қиррали илмий меросини замонавий тиббиёт ва фалсафа ютуқлари билан уйғунлаштириш, шунингдек, миллий илмий-маънавий меросимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш йўлида муҳим қадам бўлди.







