Хусусийлаштириш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси
Хусусийлаштириш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси

Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.
Тадбиркорликни ривожлантириш, ер ва иншоотлардан самарали фойдаланиш мақсадида хусусийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда. 2021-2024 йилларда 47 триллион сўмлик давлат активлари сотилган. Бу – олдинги ўн йилликдаги кўрсаткичдан 30 карра кўп.
Булар ҳисобига давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 карра қисқарди, иқтисодиётда давлат улуши 13 фоизга камайди. Хусусийлашган мулк самарадорлиги ҳам бир неча баробар ошди.
Олдинлари, асосан, кичик корхона ва объектлар сотилган бўлса, эндиликда йирик давлат активлари ҳам сотувга чиқарилмоқда. Жумладан, Қўнғирот сода заводи, “Фотон”, “Темирйўлконтейнер” каби йирик корхоналар, “International” ва “Lotte” меҳмонхоналари хусусийлаштирилди.
Ўтган йили ноябрда илк бор “халқ IPO”си бўйича Товар-хомашё биржасининг 3 миллиондан ортиқ акцияси аҳолига сотилди, 11 минг одам акциядорга айланди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда 025 йилги мақсадлар белгилаб олинди. Жумладан:
- 30 триллион сўмлик давлат мулкини сотиб, бюджетга камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш;
- 116 та корхонадаги давлат улушини ва 581 та кўчмас мулк объектини сотувга чиқариш;
- 6,1 минг гектар ерни аукционга қўйиб, сотиш ҳажмини 6 триллион сўмга етказиш;
- камида 300 та кон ва майдонни ташаббускорларга таклиф этиб, 500 миллиард сўм тушум тушириш.
Буларнинг натижасида иқтисодиётга қўшимча инвестициялар кириб келиб, тадбиркорликка имконият кенгаяди, минглаб иш ўринлари пайдо бўлади.
Энди тадбиркорлар камида беш йил ижарада фойдаланган давлат мулкини тўғридан-тўғри ўзи сотиб олиши мумкин бўлади. Бугунги кунда 632 та шундай объект бор. Ушбу мулкларни ижарачиларнинг ўзига сотиш орқали камида 2 триллион сўм тушум қилиш мумкин.
Ҳозирда республикадаги 537 та бозор ва савдо мажмуаларининг камида 51 фоиз улуши маҳаллий ҳокимликларга тегишли. Энди бу тартиб ҳам ўзгаради. Бозорларда маҳаллий ҳокимликнинг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади. Бу ҳам тадбиркорлар учун қўшимча имконият бўлади.
Ер майдонларини сотиш бўйича ҳам имкониятлар кенгайтирилади. Масалан, аукционда узоқ вақтдан буён сотилмай турган, майдони кичик бўлган ёнма-ён жойлашган ер участкалари бирлаштирилиб, қайта аукционга чиқарилади.
Давлат активларидан самарали фойдаланиб, маҳаллий бюджетга тушумни кўпайтириш бўйича яхши тажрибалар ҳам бор. Мисол учун, Тошкент шаҳрида муниципал тоифадаги жойлар хатлов қилиниб, электрон базаси яратилди. 102 та самарасиз бино ҳамда 97 гектар бўш ер аниқланиб, аукционга чиқариш бошланди. Ўтган йили бино-иншоотлар остидаги 118 гектар ер участкаларини хусусийлаштиришдан 60 миллиард сўм тушум бўлди. Бу – 2022 йилга нисбатан 5 карра кўп дегани.
Энди ушбу тажриба барча вилоят марказларида, кейинги йил туманларда жорий қилинади.
Соҳадаги яна бир муҳим масала – давлат иштирокидаги корхоналарни халқаро бозорга олиб чиқиш. Бугунгача ушбу тизим ўзини оқлаган ва самарасини берган. Халқаро ташкилотлар ҳам буни эътироф этаяпти.
Мутасаддиларга экспертларни жалб қилган ҳолда бу жараёнларни давом эттириш вазифаси қўйилди. Бу йил халқаро бозорларда яна 28 та, кейинги йил 10 та йирик корхона акциялари оммавий савдога чиқарилиши белгиланди.