Хорижий парламент вакилларига Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий тараққиёти тақдим этилди
Хорижий парламент вакилларига Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий тараққиёти тақдим этилди
«Мустақил Ўзбекистон — 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» халқаро конференцияси доирасида хорижий парламентлар аъзолари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Туркия–Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати Осман Местен Марказни нафақат Ўзбекистон, балки бутун Туркий дунё учун муҳим маданий маскан сифатида баҳолади.
«Ислом цивилизацияси маркази билан танишар эканмиз, Ўзбекистоннинг нақадар чуқур тарих ва бой маданий меросга эга эканини яна бир бор ҳис қилдик. Мен бу лойиҳанинг қурилиш жараёнини яқиндан кузатиб борганман. Бугун эса бу ернинг ҳақиқатан ҳам жаҳон миқёсидаги музей сифатида ўз ўрнини эгаллаётганига гувоҳ бўлдик. Бундай улкан лойиҳанинг амалга оширилиши ортида катта тафаккур, салоҳият ва узоқни кўзлаган қараш бор. Бу, аввало, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси, қатъий иродаси ва лойиҳага бўлган юксак эътиборининг самарасидир. У кишининг бевосита эътибори ва кўрсатмалари асосида бунёд этилган бу Марказ бугун ўзининг ҳақиқий қиёфасини намоён этмоқда.
Менимча, бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Туркий дунё учун муҳим музей. Чунки бу ерда биз умумий тарихимизни кўрдик. Умумий маданий илдизларимиз қанчалик чиройли ва таъсирчан тарзда бутун дунёга намоён этилганининг гувоҳи бўлдик. Шунинг учун бу улкан ишга ҳисса қўшган, айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ушбу лойиҳани амалга оширишга меҳнат қилган барча давлат арбоблари, санъаткорлар ва меъморларга миннатдорчилик билдираман.
Марказнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у фақат Ўзбекистоннинг тарихи ва маданиятини ёритиб қолмайди. У бугунги янгиланаётган Ўзбекистон ва унинг келажаги ҳақида ҳам сўзлайди. Мен бутун дунё фуқароларига Ўзбекистонга келишни, унинг чуқур тарихи, бой маданияти ва бугунги тараққиётини ўз кўзлари билан кўришни тавсия қиламан. Чунки Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳри, ҳар бир гўшаси ва ҳар бир қишлоғи кўришга арзийди», — деди у.
Озар Амирасланов, Озарбайжон Миллий Мажлисининг Иқтисодий сиёсат, саноат ва тадбиркорлик қўмитаси раиси:
– Бундай марказни ташкил этиш ташаббусининг ўзиёқ давлат қудратидан далолат беради. Бу — ўзбек халқининг ва Ўзбекистон Республикасининг салоҳиятини кўрсатади. Марказда бой маданий ва диний мерос замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилиб, тарих янги авлод учун таъсирчан ва тушунарли шаклда тақдим этилган. Исломий қадриятлар ҳам юксак даражада намоён этилган. Менимча, бу барча мусулмонлар ва туркий халқлар учун катта аҳамиятга эга. Марказ «улкан лойиҳа» деб атади. Бундай масканлар тарихий хотирани асраш билан бирга, ёшларни ўз илдизлари, маънавий ва ахлоқий қадриятлари ҳақида фикр юритишга ундайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Сайёра Имамова эса Марказнинг асосий устунлиги тарихни янги авлодга замонавий технологиялар воситасида етказишида эканини таъкидлади.
«Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ортида, аввало, давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси, узоқни кўзлаган қарашлари ва йиллар давомидаги улкан меҳнати мужассам. Бугун, йиллар давомидаги машаққатли меҳнатдан сўнг, ана шу эзгу мақсаднинг амалий натижасини кўриб турибмиз.
Ислом цивилизацияси марказида бор-йўғи икки соат давомида Ўзбекистоннинг бутун тарихи, бугуни ва ҳатто эртанги куни билан танишиш мумкин. Энг муҳими, бу тарих замонавий авлодга замонавий тилда етказилмоқда. Сунъий интеллект, янги ахборот технологиялари ва интерактив имкониятлар орқали буюк аждодларимиз гўё яна тилга киради, уларнинг илмий ва маърифий мероси бугунги авлод билан мулоқот қилади.
Айниқса, Янги Ўзбекистон залига кирганингизда бутунлай бошқача туйғуни ҳис қиласиз. Шу заминда туғилиб ўсган инсон сифатида қалбингизда катта фахр ва ифтихор уйғонади. Чунки у ерда Ўзбекистоннинг 35 йиллик тараққиёт йўли, бугунги ислоҳотлар ва эртанги мақсадларини бир бутун жараён сифатида кўриш, англаш ва ҳис қилиш мумкин. Бу ерда, ҳақиқатан ҳам, тарих сўзлайди. Мен қонунчилик соҳаси вакили сифатида яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаган бўлардим. Марказда давлатчилик ва қонунчилик тарихининг илдизлари, бугунги ҳуқуқий тараққиётимиз, жумладан, 2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизгача бўлган жараёнлар ҳам изчил акс эттирилган.
Ислом маърифати деганда биз, аввало, инсонларни дўстликка, меҳр-оқибатга, ҳамжиҳатлик ва эзгуликка чорлайдиган маърифатни тушунамиз. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг сўнгги 35 йиллик тараққиёт йўли фақат иқтисодий ёки ижтимоий ислоҳотлардан иборат эмас. Бу йўл маънавий-маърифий янгиланишлар билан ҳам уйғун кечди. Марказ ана шу жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳам очиб беради.
Айниқса, хориждан келаётган меҳмонларнинг Марказни кўриб, лол қолганига гувоҳ бўлишнинг ўзи катта қувонч. Кўплаб меҳмонлар Ўзбекистонга ташрифини айнан шу ердан бошлаш истагини билдирмоқда. Бу эса Марказнинг халқаро нуфузи ва аҳамияти қай даражага кўтарилганини кўрсатади. Марказнинг ташкил этилганидан кўп ўтмай Гиннесс рекордлар китобига киритилгани ҳам биз учун катта ифтихор. Бу натижаларнинг барчасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси, ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги мужассам. Бугун биз ана шу меҳнат самарасини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз», — деди депутат.





