Хоразмнинг “Улли ҳовли”си
Хоразмнинг “Улли ҳовли”си

Хоразм вилояти Урганч тумани Ғойбу қишлоғидаги Туркманлар маҳалласи ҳудудида жойлашган “Улли ҳовли” тарихий мажмуаси 1640-1694 йилларда, Абулғози Баҳодирхон даврида бунёд этилган.
“Улли ҳовли” атамаси “Катта ҳовли” маъносини билдиради. Мажмуа ўзбек ва туркман усталари томонидан қурилган. Ҳозирда мажмуада 35 хонадон сақланиб қолган.
2013-2015 йилларда Хоразм вилоятининг туризм соҳасини ривожлантириш дастурига мувофиқ, XVII асрга оид “Улли ҳовли” тупроқли қалъасида реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада Урганчдан бир неча километр узоқликда жойлашган ушбу қадимий қалъа сайёҳлик мажмуасига айланди. Мажмуада туялар, отлар ва паррандалар сақланадиган жойлар, эски тегирмон ва қадимий қудуқ мавжуд.
Мажмуа 2017-2018 йилларда қайта таъмирланиб, туристик масканга айлантирилди. 2020 йил 29 декабрда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Маданият вазирлигининг Хоразм вилояти маданият бошқармаси таркибида “Ўзбек-Туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуаси дирекцияси давлат муассасаси сифатида ташкил этилди.