"Хон атлас" ҳафталиги

"Хон атлас" ҳафталиги

 

kavayavvy.jpg

 

Оила ва хотин қизлар қўмитаси ташаббуси билан 8-14-апрель кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар, вазирлик ва идоралар, ўқув муассасалари, корхона-ташкилотларда "Хон атлас" ҳафталиги  ўтказилмоқда.  

Aҳоли ва айниқса, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали қадимий ва барҳаёт урф-одат ва қадриятларимизга хос бетакрор кийиниш услубларини намойиш қилиш ушбу ҳафталикнинг асосий мақсадидир.

"Хонатлас" ҳафталиги доирасидаги тадбирларда  миллий матоларимизнинг  сардори бўлган атласнинг дунёда тенги йўқ, бетакрор, сержило, камалакранг экани, ҳар қайси опа-синглимизни бир зумда гўзал маликага айлантириб қўйиши яна бир карра англанмоқда. 

Атласнинг табиий ипакдан тўқилган энг аъло нави саккиз тепкили хонатлас деб аталади. Хонатласнинг барча сири унинг тузилиши ва тўқилиш усулидадир. 

 

yvayvavyavya.jpg

 

Мутахассисларга кўра, тўрт тепкили атлас тўрт тепкили дастгоҳда, саккиз тепкили атлас саккиз тепкили дастгоҳда тўқилади. Товусдек товланувчи бу матони тўқиш Марғилонда жуда қадимдан ривожланган, бошқа жойларга шу ердан тарқалган. 

Табиий ипакдан тайёрланган, бугунги тил билан айтганда экологик жиҳатдан хавфсиз, кийганда тана яйрайдиган атласнинг  "Номозшомгул", "Чақирим", "Қора атлас", "Яҳудий нусха","Барги карам",  "Шахмат", "Қора кўзим", "Сариқ атлас" ва бошқа кўплаб турлари бор. 

Жаҳон мода намойишларида, Халқаро ярмарка ва кўрикларда ўзбек атласидан тайёрланган либослар ўзгача қизиқиш уйғотиши билан бирга совринди ўринларга ҳам кўп бора муносиб кўрилган.