Хива хонлигида маданий ҳаёт
Хива хонлигида маданий ҳаёт
Хива хонлигидаги сиёсий ва иқтисодий жараёнлар каби у ердаги маданий ҳаёт ҳам юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган. Хонликдаги маданият ўзига хос йўналишларда давом этди. Маданий ҳаёт равнақи таълим-тарбия, адабиёт, тарихнавислик, меъморчилик ва амалий санъат кабиларда кузатилади.
Бу даврда Нурмуҳаммад Ғариб Андалибнинг (1710-1770) “Саид Ваққос”, “Зайнул араб”, “Юсуф ва Зулайҳо”, “Лайли ва Мажнун” каби достонлари машҳур бўлди, шунингдек, Муҳаммад Ниёз Нишотий, Муҳаммад Хокисор, Табибий, Мунис, Комил Хоразмий, Комдон, Муродий каби шоирларнинг ижоди ривож топди.
Салтанатда деярли барча хонлар даврига тегишли асарлар яратилди. Жумладан, Оллоҳқулихон даврига оид “Риёзуд давла”, Раҳимқулихон ҳукмронлиги йилларини ўз ичига олган “Зубдатут таворих”, кейинги даврларга доир воқеалар тўғрисида “Жомеъул воқеоти султоний”, “Гулшани давлат”, “Шоҳиди иқбол” асарлари машҳурдир.
Тарихий асарлар орасида Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” ва “Шажараи тарокима” китоблари ўзбек тилида битилган муҳим тарихий асарлар ҳисобланади. Тарихнавислик анъаналарини кейинчалик Мунис, Огаҳий, Муҳаммад Юсуф Баёний каби мутафаккирлар давом эттирди.