Хаттотлик мактаби фаолияти йўлга қўйилади
Хаттотлик мактаби фаолияти йўлга қўйилади

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Бош котиби Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ва ташриф Бутунжаҳон Ислом уюшмаси таклифига биноан амалга оширилди. Унда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Турғунов ҳам қатнашди.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Марказ раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида жумладан, Марказ доирасида амалга оширилаётган тадбирлар, барча илмий ва ташкилий ишлар ҳақида маълумот берди.
Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ таркибида Араб-ислом хаттотлик мактабини очиш йўлга қўйилганини маълум қилди. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса ушбу лойиҳани тўла-тўкис қўллаб-қувватлади:
Янги Ўзбекистон лойиҳаси бўлмиш бу хаттотлик мактаби орқали Қуръони каримнинг ҳар бир сурасини махсус араб хатида, безаклар билан бойитилган тарзда қўлда кўчириш мақсадга мувофиқ,лиги айтилди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқандда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди. Бу борада Саудия Арабистонининг етакчи ташкилотларидан бири “Илм” компанияси кўмак бериши билдирилди.