Халқаро илмий конференция
Халқаро илмий конференция
Сурхондарёда муҳаддислик мактаби фаолиятига бағишланган “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзуида халқаро илмий конференция бошланди,б хабар бермоқда ЎзА.
Ислом дини ривожи йўлида ўз ҳиссасини қўшган, ҳадисларни жамлаб тўплам шаклида бизгача мерос қилиб қолдирган муҳаддислар асарлари бугунги кунда бутун дунё миқёсида кенг ўрганилмоқда. Айни кунларда ҳам ҳамжамият эътибори юртимизга қаратилган.
Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар юртимизни дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди.
Термиз халқаро аэропортида Туркия, Марокаш, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Франция, Россия, Эрон, Жазоир, Буюк Британия каби 20 га яқин давлатдан келган хорижий меҳмонларни кутиб олишдан бошланган тадбир, эрта тонгдан Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси зиёрати билан давом этди.
Шундан кейин Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти, илмий тадқиқот натижалари, таржима ишлар ва нашр этилган китоблар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчилар эътиборига Сурхондарё вилояти туризм салоҳиятини очиб берувчи фото кўргазма намойиш этилди.
Иштирокчилар Термиз яқинидаги Султон Саодат мақбарасини ҳам зиёрат қилди. Шундан сўнг меҳмонлар Шеробот туманидаги Имом Абу Исо ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилди.
Хорижлик олимлар томонидан Абу Исо ат-Термизий асарлари ҳозирда ҳам кенг ўрганилади. Унинг “Ал Жомиъ ас-саҳиҳ”, “Аш-шамоил ан-набавийя” каби асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шавқатли, ота-онага ва аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди.




