Халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали – “Атлас байрами”
Халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали – “Атлас байрами”

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри жорий йилнинг 19-21 сентябрь кунлари ўтказиладиган VI халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали – “Атлас байрами”га мезбонлик қилади. Мазкур тадбир олдидан ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистон ҳунармандлар ва халқ рассомлари “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида вилоят ҳокимлиги ва Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази кўмагида Марказий Осиёда анъанавий ҳунармандчилик, этно-дизайн ва тадбиркорлик бўйича ўқув дастури ўтказилди.
Мазкур лойиҳа Марказий Осиёда номоддий маданий меросни асраш ва тарғиб қилиш, айни пайтда ижодкорликни ривожлантириш ва анъанавий ҳунармандчилик сифатини ошириш мақсадига қаратилган.
Тренинг давомида Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг 40 нафарга яқин иштирокчиларига бир ҳафталик дастур доирасида таниқли миллий ва халқаро экспертлар, магистрлар ва дизайнерлар раҳбарлик қилади.
Ушбу тренинг ЮНЕСКОнинг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Марказий Осиё Ипак йўллари мероси коридорлари – Европа маданий мерос йилининг халқаро ўлчови” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа Ипак йўли бўйлаб моддий ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилишни кучайтириш, умумий маданий меросни тарғиб қилиш ва барқарор ривожланишни, айниқса меросга асосланган туризмни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.