Халқ қаҳрамонлари ҳурмат ва эъзозда
Халқ қаҳрамонлари ҳурмат ва эъзозда

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида ташкил этилган ушбу ёдгорлик мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишланган.
Мажмуа юқоридан қараганда давлатимиз байроғидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз шаклида намоён бўлади. Қарийб икки метрли юлдузларнинг қирралари битиктош вазифасини ҳам ўтайди. Уларнинг ён тарафларига 196 нафар қаҳрамонларимиз номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган. Бу битиклар ёнига мониторлар ўрнатилган бўлиб, миллат фидойилари тўғрисида маълумотлар фото ва видеолар орқали намойиш этиб борилади. Яъни, уларнинг фақат номи эмас, болалиги, орзулари, иши ва оиласи кўз олдимизда жонланади.
Байроғимиздаги ярим ой мўъжаз амфитеатр шаклида хиёбонга кўрк бағишлаган. Унинг тепасидан поклик рамзи – сув оқиб туради. Ойнинг орқа тарафидаги ҳайкалтарошлик композицияси бадиий ғояга якун ясаган. Унинг марказида фарзандини ҳарбий хизматга кузатган ота-она сиймоси гавдалантирилган. Икки ёнида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Олий суд ва прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси, Миллий гвардия каби тузилмалар хизматчилари акс эттирилган.
Президентимиз шу ерда марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашди. Давлатимиз раҳбари ватан ҳимоячиларининг оила аъзоларига чуқур ҳурматини билдирди. Президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларини ҳам зиёрат қилиб, байрам билан табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 февралдаги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийларига муносиб ҳурмат кўрсатилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари берилмоқда. Кўплаб муҳтарам нуронийларга “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилмоқда.
Уруш фахрийлари ва ногиронлари учун тиббий ва ижтимоий хизматлар, жумладан, патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда.