Халқ қабулхоналарига 10 ойда 781 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди
Халқ қабулхоналарига 10 ойда 781 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди

2026 йилнинг ўтган ўн ойида Президент Халқ қабулхоналарига қанча мурожаат келиб тушди? Қайси масалалар аҳолини кўпроқ ташвишга солмоқда ва уларни ҳал этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Пўлатов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида маълумот берилди.
Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда илгари сурилган ташаббуслар асосида бугунги кунда Президент Халқ қабулхоналари тизимида рақамли ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, рақамли қабуллар, «Маҳалла еттилиги» ва «Ёшлар назорати» модуллари, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизими, шунингдек, рақамли қайта алоқа хизмати шулар жумласидандир.
Бундай замонавий ёндашувлар натижасида энди фуқаро мурожаатлар жараёнининг пассив иштирокчиси эмас, балки у натижани кўради, баҳолайди ва ўз муносабатини билдира олади. Бунинг учун тизимда қайта алоқа рақамли хизмати жорий этилди. Бунда мурожаат фуқаронинг муносабатсиз назоратдан ечилмайди.
Яъни мурожаатга жавоб берилгандан кейин фуқаронинг телефонига SMS хабарнома ва махсус ҳавола юборилади. Фуқаро ушбу ҳавола орқали жавоб хати ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан танишади ҳамда розиман ёки эътирозим бор шаклида ўз муносабатини билдира олади. Фуқаро натижадан рози бўлса, мурожаати якунланади, эътироз билдирса, масала қайта кўриб чиқиш жараёнига ўтказилади.