FAO раҳбари Ўзбекистонга ҳурмат бажо келтирди

FAO раҳбари Ўзбекистонга ҳурмат бажо келтирди

skrinsot-20261007-151736.jpg

Бир экспозиция ортида бутун бир давр, бир артефакт ортида эса халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги асрлар давомидаги алоқалар мужассам.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Бош директори Цуй Дуню бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф чоғида Марказнинг Исломдан аввалги давр цивилизациялар бўлимидаги Буюк Ипак йўли экспозицияси билан танишди.

Пахтага бағишланган инсталляция делегация эътиборини алоҳида тортди. Цуй Дуню пахтанинг Ҳиндистон орқали Марказий Осиёга, кейинчалик эса Хитойга кириб боргани ҳақида фикр билдирди. Бу эса бир қарашда оддий қишлоқ хўжалиги экинлари тарихи бўлиб кўринган воқелик ортида қадимий савдо йўллари ва цивилизациялар ўртасидаги узвий боғлиқлик мужассам эканини яна бир бор кўрсатди.

Ташриф якунида FAO Бош директори «Фахрий меҳмонлар» китобида Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларини қуйидаги сўзлар билан қолдирди:

«Ўзбекистонга ҳурмат бажо келтираман! Буюк халқ, буюк тарих, буюк цивилизация, дунёнинг гавҳари, буюк уйғониш».

Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси ижрочи директори Эрик Трахтенберг эса Марказ экспозицияларида Ўзбекистон тарихининг жаҳон цивилизациялари билан муштарак жиҳатлари алоҳида таъсир қолдирганини таъкидлади:

«Ўзбекистоннинг қадим замонлардан бугунги кунгача бўлган тараққиёт йўли бу ерда қандай намоён этилганини кўриш катта таассурот қолдирди. Айниқса, Ўзбекистон тарихи билан дунёнинг бошқа ҳудудлари тарихи ўртасидаги ўзаро алоқаларни кўриш Марказий Осиёнинг нақадар муҳим ўрин тутганини яна бир бор эслатади. Бу ерда турли тарихий ва маданий боғлиқликлар жуда таъсирчан тарзда намоён этилган».

Унинг фикрича, Марказнинг қиймати фақат тарихий меросни намойиш этишида эмас, балки турли халқлар ва цивилизациялар бир-бирига қандай таъсир кўрсатганини яхлит манзарада кўрсата олишидадир.

Бугун Ипак йўлининг қадимий излари, илм-фан ва маданиятлар туташуви, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тарихий алоқалар Ўзбекистонда янги талқинда — Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида намоён бўлмоқда.