Ёзма манбалардаги тарихий қишлоқлар
Ёзма манбалардаги тарихий қишлоқлар

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия ва АҚШ каби давлатлардан олимлар иштирок этди.
Семинарда Маданий мерос агентлиги Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Алишер Сандибоев “Самарқанд – сўғд ёзма ва картографик манбаларида” мавзусида маъруза қилди.
Самарқанд Сўғди Зарафшон воҳасининг марказий қисмида жойлашган тарихий-географик ҳудуд сифатида таҳлил этилди. Аниқлик киритиш учун араб манбалари, жумладан, Абу Исҳоқ Форисий Истахрий, Абулқосим ибн Ҳавқал, Абу Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Муқаддасий, шунингдек, Абдулкарим Самъоний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад Идрисий асарларидаги маълумот ва хариталарнинг илмий таҳлили келтирилди.
Шунингдек, ҳозирги Ургут, Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё, Булунғур, Нуробод ва Бахмал туманларининг Ўрта асрлардаги тарихий номлари, чегаралари ва қишлоқлари ҳақида муҳим маълумотлар берилди. Самарқанднинг ўша даврдаги ғарбий, шимолий ва жанубий ҳудудлари тарихий-географик таркиби илмий таҳлил асосида очиб берилди.