Энг ноёб қадимий наволари куйланмоқда

Энг ноёб қадимий наволари куйланмоқда

 vaoravporvar.jpg

Хушманзара Бойсун туманида сайёрамиз тамаддуни бешикларидан бири -  номоддий маданий мерос макони “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўтмишдан бахши-шоирлар ва фольклор санъати куйчиларининг илҳом манбаи, миллий ҳунармандлик макони бўлган қадимий Сурхон воҳасида ташкил этилган анъанавий нафис санъат байрамига 2002 йил асос солиниб, илк “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали ўтказилган.Унда мамлакатимиздаги энг сара фольклор жамоалари ўзларининг алоҳида дастурлари билан иштирок этган. 2004 йил тўхтаб қолган фестиваль Президентимиз ташаббуси билан орадан 13 йил ўтиб, яна қайта тикланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан унга халқаро мақом берилди. Икки йилда бир марта ўтказиладиган халқаро танловда хорижликлар ҳам номоддий маданий мерос дурдоналари билан қатнашиш имконияти яратилди. Ўтган халқаро фестиваль икки кун давом этган бўлса, жорий йилда маҳаллий ва хорижлик номоддий маданий мерос мухлислари учун очиқ осмон остидаги байрам етти кун ўтказиладиган бўлди.

 ayvpryvprap.jpg

 

 

Мамлакатимизда номоддий маданий меросимизни қайта тиклаш йўлида бошланган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ЮНЕСКО 1999 йил Бойсун туманини “Жаҳон халқ ижодиёти дурдонаси”, дея эълон қилди. 2008 йил халқ оғзаки ижоди ва халқ ўйинларини эъзозлаб келаётган сўлим, қадимий бу гўшани “Умумжаҳон мероси” рўйхатига киритди. 2001 йил Бойсун тумани, 2021 йил бахшичилик санъатимиз Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.