Экспозиция бўйича ҳамкорлик муҳокамаси
Экспозиция бўйича ҳамкорлик муҳокамаси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Италиянинг “Magister Art” компанияси вакиллари билан "Биринчи Ренессанс даври" экспозициясининг дизайни ва артефактлар жойлашувига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда лойиҳа иштирокчилари томонидан экспозициянинг Ислом илмлари, аниқ ва табиий фанлар, Боғдод ва Хоразм Маъмун академиялари каби секторлар, меъморчилик бўлими учун ясаладиган макет муҳокама қилинди.
Ислом илмлари секторида ҳадис ва сийрат, тафсир, калом, фиқҳ ҳамда тасаввуф каби йўналишларда Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломалар фаолиятини ёритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 8 та капсула ва уларнинг ичида жойлашадиган артефактлар муҳокама марказида бўлди.
Дунё бўйлаб маданий ва маърифий тадбирлар, халқаро кўргазмаларни ташкил этиб келаётган Италия компанияси экспозициянинг таркибий қисмлари, унинг визуал ва концептуал мазмунини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берди. Жумладан, меъморий мерос, санъат намуналари ва илмий кашфиётларни замонавий технологиялар орқали намойиш этиш усуллари кўриб чиқилди.