Ёғочли сардоба

Ёғочли сардоба

 

 fprfvapfvap.jpg

     Сирдарё вилоятида жойлашган тарихий ва маданий обидалар орасида XVI асрга тегишли "Ёғочли сардоба" алоҳида аҳамиятга эга. Бухоро хони Абдуллахон II даврида, 1580 йилда қурилган мазкур гидротехник иншоот нафақат ўтмишдан дарак беради, балки ҳозирги кунда вилоят туризм салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

     Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.

      Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради.

      Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.

       “Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз.