Ёғоч ўймакорлигининг бўлажак усталари
Ёғоч ўймакорлигининг бўлажак усталари

Ҳунармандчилик йўналишларидан бўлган ёғоч ўймакорлиги қадимий санъат турларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон халқ амалий санъатида ушбу йўналиш ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда мазкур қадимий ҳунар ёшларда қизиқиш ва ҳавас уйғотаётгани қувонарли.
Сирдарё вилоят марказидаги бир неча устахоналарда яратилаётган шарқона айвон ва шийпонлар инсонлар эътиборини тортмоқда. Уларни Гулистон шаҳридаги Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда шу йўналишда ижод қилаётган ёшлар бунёд этишган.
Ёғоч ўймакорлиги бўйича таълим олиб, ижод қилаётган ўқувчилар қадимий ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганмоқда. Шогирдлар бир неча нуфузли кўрик-танловларда, тасвирий ва амалий санъат фестивалларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллашди. Улар орасида Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медаллари ва бошқа мукофотларига сазовор бўлган ёшлар бор. Улар устозлари раҳбарлигида лавҳ, лаган ва турли хил миллий буюмларни ясаб, ўз маҳоратларини намойиш этмоқда.




