“Ёдгорлик” - миллий ҳунармандчилик санъати намунаси

“Ёдгорлик” - миллий ҳунармандчилик санъати намунаси

 

isssrsr.jpg

 

       Қадимий ипакчилик шаҳри – Марғилонда ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозорларига чиқаётган ҳунармандларнинг сафи кенг. Ипак маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган “Ёдгорлик” корхонаси 1924 йилда ателье шаклида ташкил этилиб, кейинчалик “Хон атлас” номи билан ўз маҳсулотларини бозорга чиқарган. 1991 йили ушбу корхона халқаро ЮНЕСКО ташкилоти томонидан туризм йўналишида алоҳида эътироф этилган.  

       Бугунги кунда корхонада миллий ва замонавий йўналишларда маҳсулотлар тайёрланади ҳамда мато тури ва унинг яратилиш жараёни фақат қўл меҳнати асосида амалга оширилади. Шу сабабли ип ва жундан тайёрланган шолчалар, адрас, атлас, табиий бўёқлар ишлатилган матолар, улардан тикилган либосларга хорижда ҳам қизиқувчилар кўп. Бу ерда ҳатто ипак қолдиқларидан ҳам самарали фойдаланган ҳолда нафис гиламлар тўқилади.

       Айни пайтда корхонада 40 нафар моҳир ҳунарманд фаолият кўрсатади. Корхонада чет эллик ҳамкорлар билан яқин алоқалар ўрнатилиб, саноат туризмини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Чунки жаҳон бозорида юз фоиз табиий матолар ишлаб чиқарувчи, шу билан бир қаторда пилла қуртидан ипак олувчи корхона маҳсулотларига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

       Бу ерда, шунингдек, сайёҳлар учун меҳмонхона, мода  кўргазмалари ўтказиш биноси, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан тўлдирилган музей ҳамда корхона маҳсулотларининг шоруми ташкил этилган. 

       Корхонага йил давомида ўртача ўн минг нафар сайёҳ ташриф буюриб, миллий ҳунармандчилик санъати намуналаридан баҳраманд бўладилар.

https://uza.uz/posts/701652