“Дўстлик” фестивали бошланди
“Дўстлик” фестивали бошланди

Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси томонидан 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Дўстлик” фестивали ташкил этилди.
Фестивалнинг илк тадбири турли миллат вакиллари, миллий маданият марказлари вакиллари, кенг жамоатчиликнинг “Янги Ўзбекистон” мажмуасига ташрифи билан бошланди.
Давлатимиз раҳбари ғояси асосида бунёд этилган ушбу мажмуа жаҳон давлатлари билан ўзаро аҳил, ишончли ва ҳурматга асосланган муносабатларни йўлга қўйишга доир конструктив сиёсат, мамлакатимизда кечаётган осуда ва тинч, фаровон ҳаётнинг ўзига хос тимсоли саналади. Ҳозар мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар, 16 та диний конфессия вакиллари аҳилликда ҳаёт кечирмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари сафларида турли миллат ва элатга мансуб ҳамюртларимиз 7 ярим миллиондан ортиқдир. Касаба уюшмалари миллий маданий марказлар ҳамда Дўстлик уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда маданий мулоқотни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Фестиваль иштирокчилари “Янги Ўзбекистoн” бoғидаги муҳташам бадиий обида – Мустақиллик мoнументи пoйига гулчамбарлар қўйдилар. Тадбир дастурида анжуманлар, мусиқий дастурлар, тақдимотлар, кўргазмалар, халқаро ҳунармандчилик ярмаркаси, ижодий учрашувлар, концертлар, ижодий танловлар бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси биноси жойлашган майдонда юртимиздаги миллий маданий марказлар павильонларининг очилиши бўлиб ўтади. Шу билан бирга “Ўзбекистон – ягона Ватан!” шиори остида миллий маданий марказларнинг кўргазмалари, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари ҳамда Қирғиз маданият кунлари доирасидаги тадбирлар ўтказилади.