Доҳадаги Ислом санъати музейи
Доҳадаги Ислом санъати музейи

Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги Ислом санъати музейи 2008 йилда санъат мухлисларига ўз эшикларини очган. Музей биноси қадим исломий меъморчилик анъаналарига хос равишда бино қилинган бўлиб, лойиҳа муаллифи- дунёнинг машҳур замонавий архитекторлардан - хитойлик Ио Мин Пэйдир. Париждаги Лувр музейининг шишали пирамида лойиҳаси ҳам айнан шу архитекторга тегишлидир.
Музей биноси Доҳа шаҳрининг жанубий қисмидаги сунъий ороллардан бирида барпо этилган. Бинонинг ички қисми уч қаватдан иборат бўлиб, араб меъморчилигига мувофиқ содда, ихчам бино қилинган. Ушбу музейга санъат асари намуналари 1980 йиллардан бошлаб йиғиб келинган. Улар VIII-XIX асрларга оид жуда катта ҳажмдаги экспонатлардир.
Хитойдан Андалусияга бўлган улкан ҳудудларни ўзига қамраган Ислом тарихига оид санъат асарлари дурдоналарини йиғиш катта меҳнат, вақт ва маблағ талаб этгани шубҳасиз. Музейнинг 45 минг квадрат метрдан иборат кенг ва замонавий кўргазма залларида дунёнинг турли юртларидан- Марказий Осиё, Миср, Испания, Туркия, Покистон, Сурия, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Ироқ ва Эрондан келтирилиб жамланган санъат асарлари, экспонатлар жой олган. Булар сирасига, нодир қўлёзма асарлар, китоблар, тўқимачилик маҳсулотлари, либослар, металлдан ясалган турли буюмлар, безаклар, заргарлик ва кўркам керамика буюмлари, идишлар киради. Айниқса Эрон гиламлари, жимжимадор ханжар ва қиличлар, суяк ўймакорлиги маҳсулотлари ҳам томошабинлар эътиборини тортади.
Ислом санъати музейи дунёнинг кўплаб музейлари ҳамкорликда билан катта кўргазма дастурлари ҳам амалга оширади. Бутун йил давомида Парижнинг Лувр, Нью-Йоркнинг Метрополитен музейлари, Миср ислом санъати музейи ва Марокаш қироллик коллекциясидан турли мавзуий кўргазмалар ташкил этиб борилади.





