“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” лойиҳаси
“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” лойиҳаси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида яратилаётган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да узунлиги тахминан 260 метр бўлиб, 8 метр баландликка эга. Буюк тарихий-маданий жараёнларни замонавий музей технологиялари асосида намоён этиш мақсадида мазкур девор икки асосий қисмга бўлинган:
- юқори қисм – тасвирий санъат ва боғланма сюжетлар асосидаги барельефлардан иборат;
- пастки қисмда хронологик маълумотлар, илмий кашфиётлар ва маданий ютуқларни қамраб олган маълумотлар бўлади.
Марказ илмий ходимлари ва Тошкент картография фабрикаси вакиллари билан бўлган учрашувда ушбу деворнинг маълумотлар қисмида кенг қамровли электрон хариталар тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бу хариталар нафақат цивилизациялар тарихини, балки турли даврлардаги илмий-маърифий кашфиётларнинг амалга оширилган ҳудудлари, сиёсий ва географик шарт-шароитларини кўрсатиш имконини беради.
Хусусан, Исломдан аввалги давр, Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс ва Янги Ўзбекистон - Учинчи Ренессанс пойдевори бўлими контекстидаги маълумотлар махсус тайёрланади.
Жумладан хариталар қўлёзмалар, географик рисолалар ва тарихий асарларга таянган ҳолда тайёрланади. Айни пайтда биринчи босқичда 30-40 та устувор мавзудаги хариталар концепцияси шакллантирилмоқда.