“Буюк Ипак йўли” мажмуаси концепцияси
“Буюк Ипак йўли” мажмуаси концепцияси

Мамлакатимизда шаҳарсозлик, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада амалга оширилаётган энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳалардан бири Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш ташаббусидир.
Давлатимиз раҳбарига тақдим этилган “Буюк Ипак йўли” мажмуаси концепцияси стратегик аҳамиятга эга лойиҳалардан бири ва шу йўналишдаги кенг қамровли режаларнинг узвий қисми ҳисобланади.
Мазкур лойиҳа нафақат шаҳарсозлик, балки маданият, туризм ва маънавий тараққиётни уйғунлаштирган ҳолда амалга оширилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Янги Тошкент шаҳрини барпо этишнинг биринчи босқичида 6 минг гектар ҳудудда қурилиш ишлари амалга оширилиб, 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилиши режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилганда эса бу ҳудуд 2 миллион аҳоли яшайдиган замонавий мегаполисга айланади. Бу кўрсаткичлар Янги Тошкентнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақадаги йирик шаҳарлардан бирига айланишини англатади.