Бухоро тарихининг тирик гувоҳи

Бухоро тарихининг тирик гувоҳи

 

 tawertgwyhqg5t.jpg

 

         Бухорони афсоналар шаҳри” деб аташади. Унинг кўкка бўй чўзган миноралари Шарқу Ғарбда очиқ осмон остидаги музей, шаҳар шавкатли тарихининг кўзгуси сифатида баҳоланади. Айниқса  Бухоронинг, Арк ҳақида  сўз борганида уни Бухоро тарихининг тирик гувоҳи деб таърифлашади.

          Тарихий манбаларда Арк бир неча марта вайрон бўлиб, яна қайтадан тиклангани қайд этилган. Абу Бакр “Бухоро тарихи” асарида ушбу қалъа қурилганидан кўп вақт ўтмасдан  вайрон бўлганлиги, . шундан сўнг бу  қалъа Катта айиқ юлдузлари туркумини эслатувчи етти устун устида барпо этилганлиги қайд этилган.

         Олимларнинг тахминича Арк  бундан бир-бир ярим минг йил олдин қурилган бўлиб, ушбу маҳобатли меъморий обида ҳукмдорларга қароргоҳ сифатида хизмат қилган. Арк қонли жанглар, шафқатсиз истилочи босқинчилар қилмишлари гувоҳи бўлган. 1220 йили Чингизхон қўшини шаҳарга бостириб келганида, аҳоли Арк ичига яширинган.

         Аркда буюк олимлар, шоиру файласуфлар ҳам яшаб, ижод қилиб, авлодларга бебаҳо мерос қолдиришган. Бухоро маданияти энг юксалган Ўрта асрларда Аркда Рудакий, Фирдавсий, Абу Али Ибн Сино, Форобий, Умар Хайём каби буюк зотлар яшаган. Абу Али ибн Сино “Бу ер кутубхонасидан шундай китобларни топдим, уларни олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч қаерда кўрмадим. Уларни ўқиб чиқдим ва менга олам сирлари аён бўлди” деб гувоҳлик қолдирган.

         Арк ғарбдан шарққа чўзилган қийшиқ тўртбурчак шаклига эга. У замонавий шаҳарнинг ғарбий қисми ўртасида жойлашган. Деворлар айланасига узунлиги 789,60 метр, майдони 3,96 гектар. Майдон сатҳидан баландлиги 16-20 метрни ташкил этади. Аркка икки устунсимон шаклда қурилган миноралар орасидан кирилади. Дарвозаларига йўлак тепага қараб юксалиб борадиган пандус - нишаб майдонча шаклида қурилган.

         Аркнинг ўзида меъморий иншоотларнинг катта бир мажмуаси жойлашган шарқий қисми ҳозирда археологик ёдгорликдир. Унинг тепасига чиқиб қараган кишига кўҳна Бухоронинг бетакрор манзараси кафтдек намоён бўлади.

          Уста меъморлар Аркни бўлажак меъморлар учун дарслик деб атайдилар. Арк деворларида ғишт терилиши, қурилиш хом ашёларидан тарихда қандай фойдаланилгани яққол кўринади.

         Ҳозир Арк юртдошларимиз ҳамда чет эллик меҳмонларни оҳанрабодек ўзига тортувчи ноёб тарихий-меъморий ёдгорлик сифатида ном қозонган.