Бухоро меҳмонларни байрамга чорламоқда
Бухоро меҳмонларни байрамга чорламоқда

Бухоро жорий йилнинг 5 сентябрь – 20 ноябрь кунлари Бухоро тарихий маркази ҳудудида Халқаро замонавий санъат биеннале ўтказилади. Бу Ўзбекистон ва жаҳон санъати дурдоналари, ҳунармандчилик ва гастрономиясини бирлаштирган йирик маданий дастурдир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, халқаро архитектура ва санъатнинг илғор ютуқлари асосида ўтказилиши режалаштирилган мазкур анжуман, Марказий Осиё мамлакатлари ичида илк маротаба Бухорода ташкил қилинади.
Мазкур тадбирнинг архитектура ечимларини ишлаб чиқиш мақсадида БААнинг “WaiWai” архитектура ташкилоти жалб қилинган. Куратор Диана Кемпбелл, комиссар Гаяне Умерова раҳбарлигида ўтказиладиган биеннале давомида 70 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро ижодкорлар тарихий иншоотларда махсус лойиҳалар намойиш этади.
Биеннале ЮНЕСКО ҳамда БАА, Франция, Буюк Британия, Саудия Арабистони каби мамлакатларнинг етакчи санъат ташкилотлари вакилларидан иборат Халқаро кенгаш томонидан бошқариш назарда тутилган.
Дастурда санъат асарлари, мусиқа кечалари, шеърият, кулинар перформанслар, ҳунармандчилик мастер-класслар ва халқаро анжуманлар ташкил қилинади. Тадбирларда иштирок этиш мутлақо бепул. Тарих, санъат, маданий муҳитни яхши кўрадиганлар учун такрорланмас атмосфера барчани Бухорога чорлайди.