«Бу мен кўрган энг буюк музейлардан бири» – Германиялик профессор
«Бу мен кўрган энг буюк музейлардан бири» – Германиялик профессор

Германия академик элитаси Ўзбекистонда тарих, илм ва тафаккур билан юзма-юз келди. Любек университети президенти доктор Томас Франк Мунте бошчилигидаги делегация Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, Марказий Осиё илмий мероси ва замонавий музей ечимлари уйғунлиги билан яқиндан танишди.
Саёҳат давомида меҳмонлар Ислом цивилизацияси маркази тарихни шунчаки намойиш этмай, балки фикрлашга чорловчи, илмга қизиқиш уйғотувчи ва тафаккурни ҳаракатга келтирувчи илмий-маданий макон сифатида шаклланганини алоҳида таъкидладилар.


Делегация аъзолари марказ бўйлаб босқичма-босқич ҳаракатланиб, ҳар бир залда давр руҳи билан юзма-юз келди. Саёҳат Шон-шараф залидан бошланиб, Қуръони Карим зали билан якунланди. Қадимий цивилизациялар манзараси, ислом Ренессанси тафаккури ва замонавий Ўзбекистон тараққиётини ягона тарихий оқимда кўрсатган экспозициялар меҳмонларда Марказий Осиё илмий мактабининг миқёсини теран ҳис эттирди.
Делегация аъзолари учун ташрифнинг марказий нуқтаси Биринчи Ренессанс бўлимида Абу Али ибн Синога бағишланган экспозиция бўлди. Ибн Сино бу ерда фақат тарихий шахс сифатида эмас, замонлар оша яшаб келаётган илмий тиббий тафаккур феномени сифатида намоён бўлади. Унинг тиббиёт ва фалсафага оид қарашлари замонавий визуал ва интерактив воситалар орқали жонлантирилгани меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да намойиш этилган интерактив жарроҳлик ўйини эса тарихий билимни амалий тажрибага айлантирган ноодатий ечим сифатида баҳоланди. Делегация аъзолари ушбу формат ёшларни тиббиёт илмига яқинлаштириш, касбий қизиқишни уйғотиш учун ниҳоятда самарали эканини таъкидладилар.

Ташриф якунида меҳмонлар ушбу лойиҳа ташаббускори ва муаллифи Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдириб, Ислом цивилизацияси маркази тарихни «кўрсатадиган» эмас, балки фикрлашга мажбур қиладиган, савол туғдирадиган ва тафаккурни ҳаракатга келтирадиган илмий-маданий макон эканини алоҳида қайд этдилар.
Др. Томас Франк Мунте, Германиянинг Любек университети президенти:
“Аввало, марказнинг меъморий ечими мени ҳайратга солди. Бу ерда шакл ва мазмун ниҳоятда нозик уйғунликда мужассам. Мен дунёнинг кўплаб нуфузли музейларида бўлганман, аммо бу марказ ўзига хос ёндашуви билан улар орасида алоҳида ажралиб туради.
Абу Али ибн Сино - нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон цивилизацияси тарихидаги энг буюк табиблардан биридир. Қизиғи шундаки, бизнинг ушбу ташрифимиз Германия–Ўзбекистон Ибн Сино номидаги Тиббиёт жамияти томонидан қўллаб-қувватланди. Ибн Синони биз фақат тарихий шахс сифатида эмас, бугунги кунда ҳам илмий мулоқот, маданий алоқалар ва ўзаро англашувни мустаҳкамловчи буюк тимсол сифатида кўрамиз.
Бу марказда ҳар бир давр ўз руҳига, ўз интеллектуал ва маданий қиёфасига эга. Узлуксиз тарихий жараён Марказий Осиёнинг илм-фан ва тафаккур ривожидаги улкан ўрнини яққол намоён этади. Бу мен кўрган энг буюк музейлардан бири. Ҳатто уни Вашингтондаги етакчи музейлар билан бир қаторда қўйиш мумкин. Бу маскан нафақат билим беради, балки инсон тафаккурини кенгайтиради ва тарихга бўлган муносабатни ўзгартиради.”




