«Бу марказ — Ўзбекистоннинг маданий юраги»
«Бу марказ — Ўзбекистоннинг маданий юраги»

Ўзбекистонда “Нақшбандийлик” фестивали муносабати билан мамлакатимизга ташриф буюрган Индонезиянинг 14 та етакчи саёҳат агентликларига мансуб 60 нафардан ортиқ туроператор ва туризм соҳаси вакиллари Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, бу ерда яратилган муаззам муҳит, замонавий технологиялар ҳамда тарихий мероснинг намойиши уларда катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотди. Делегация аъзолари учун экскурсия уюштирилиб, Марказда жойлашган 3000 йиллик тарихни қамраб олган экспозициялар, қўлёзмалар, артефактлар, интерактив маданий-таълимий заллар ва асосий Ренессанс мактабларига бағишланган бўлимлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Ташриф жараёнида меҳмонларга Марказнинг асосий мафкуравий йўналишлари, Президент Мирзиёевнинг “Инсон қадри – олий қадрият” тамойилига мувофиқ амалга оширилаётган маърифий ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг тарихий-илмий меросини глобал майдонга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар тақдим этилди. Индонезиялик туроператорлар айниқса Иккинчи Уйғониш даври, Улуғбек Мирзо илмий мактаби, Ибн Сино, Беруний каби алломаларнинг мероси замонавий дизайн ва рақамли технологиялар орқали ёрқин акс эттирилганини юқори баҳолади.
Ташриф якунида делегация раҳбарлари Ўзбекистон Президентига самимий миннатдорлик изҳор этиб, Ислом цивилизацияси марказини “Ўзбекистоннинг маданий юраги”, “Марказий Осиёнинг энг илғор маркази” деб аташди ва мамлакатимиздаги туризм салоҳияти, меҳмондўстлик анъанаси ҳамда маданий меросни сақлаш сиёсатига юқори баҳо бердилар.