“Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни”
“Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни”

26 ноябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасаси мажлислар залида Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган «Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Халқаро мусулмон уламолар кенгаши ва Абу Даби Тинчлик форумининг обрў-эътиборли уламолари, Ўзбекистон, Миср, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистоннинг муфтийлари, таниқли уламолар, исломшунос тадқиқотчи ва диний соҳа вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ташриф буюрган азиз меҳмонларни қутлаб, ташаккур изҳор этди. Бухорои шарифнинг Ислом маданияти ва тарихида тутган ўрни ҳақида маълумотлар берилди, Мир Араб мадрасаси муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, бу ерда етишиб чиққан уламолар фаолияти батафсил баён этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Миср Араб Республикаси муфтийси, шайх Шавқий Иброҳим Абдулкарим Аллам, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг Бош котиби, фақиҳ, олим, шайх, доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошозода, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Наврўзбой ҳожи Тағаноли ҳазратлари, Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий, доктор Саидмукаррам Абдуқодирзода ҳазратлари, Россия Федерацияси Карачай-Черкесс Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Исмоил Алиевич Бердиев Бухоро Ислом марказларидан бири эканлигини алоҳида таъкидладилар. Россия мусулмонлари идораси раиси Равил Гайнуддин ўзбек тилида Мир Араб мадрасасининг 500 йиллиги билан муборакбод этди.
Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг Бош котиби, фақиҳ, олим, доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий муфтий Нуриддин Холиқназарга Халқаро мусулмон уламолар кенгаши аъзоси ёрлиғини топширди.




