Бобур миллий истироҳат боғи

Бобур  миллий истироҳат боғи

cknvkegorvuoruko.jpg 

     Андижон шаҳридаги  Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий истироҳат боғига 1973 йилда асос солинган эди. Даставвал андижонлик меҳнаткашлар учун дам олиш маскани ташкил этиш мақсадида туташ Хакан адирликларидан 300 гектар ер ажратилган. Бу ерга чинор, қайрағоч, арча ва бошқа турли манзарали дарахт кўчатлари экилди ва сўлим масканга айланди.

     1992 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллик тантаналари муносабати билан мазкур маскан Бобур номидаги миллий истироҳат боғи номи берилди.

     Бугунги кунда боғнинг умумий майдони 357 гектарни ташкил этади. Асосан 40-50 йиллик дарахтлар билан қопланган боғ ҳудудида шарқона услубда қурилган Арк дарвоза, Бобур Мирзо ҳайкали, шоирнинг рамзий мақбараси, масжид, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи, ўттиздан зиёд замонавий аттракцион, фавворалар, узунлиги 3,5 километр бўлган осма сим йўл, ресторан, кафе, кўплаб ошхона ва чойхоналар, меҳмонхона, кутубхона мавжуд. Шунингдек, боғда Бобур номли халқаро жамоат фондининг идораси ҳам жойлашган.

     Бу маскандаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан Бобур халқаро илмий экспедициянинг сафарлари давомида дунёнинг турли ҳудудларидан олиб келинган темурийлар, бобурийлар сулоласининг тарихига оид ноёб китоблар, қўлёзмалар ҳамда турли экспонатлар жой олган.   

     Музейнинг кириш қисмига зарҳал ҳарфлар билан Президентимизнинг “Заҳириддин Муҳамамад Бобур бизнинг бобомиз, бизнинг қонимиз, болаларимизга ғурур билан айтадиган буюк аждодимиздир. Мана шундай бизнинг аждодларимиз борлигини, улар Андижон фарзанди эканлигини ҳеч қайсимиз, ҳеч қачон унутмаслигимиз керак” деган сўзлари ёзиб қўйилган.

     Асосий экспозициялар зали марказига “Ҳирот” макети ўрнатилган бўлиб, унинг ёнига Бобур номли халқаро илмий экспедициянинг сафарлари ҳақидаги маълумотлар жойланган.